Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш бўйича Швейцария грант лойиҳаси муҳокама қилинди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Швейцария ҳукуматининг “Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” грант лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадида халқаро эксперт Андреас Герриц бошчилигидаги Швейцариянинг тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг Марказий Осиё бўйича делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов бошчилигидаги гуруҳ халқаро эксперт А.Герриц, Швейцария элчихонасининг миллий дастурлар координатори Д.Абиджанова, лойиҳа халқаро менежери Б.Стиенхоф ва лойиҳанинг миллий маслаҳатчиси доктор Ф.Рашидовалардан иборат швейцариялик лойиҳа гуруҳини қабул қилди.

Учрашувда “Ўзбекистонда профессионал таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” грант лойиҳасини амалга ошириш масалалари, хусусан, ижрочилар, мақсад ва кутилаётган асосий натижалар муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳанинг биринчи босқичи 2021 йил декабрь ойида бошланиши билдирилди.

Томонлар ушбу лойиҳа бўйича фаол ва самарадорлиги юқори бўлган ишларнинг биргаликда олиб борилиши кутилган натижаларга эришиш имконини беришини қайд этишди.

Мулоқот чоғида Андреас Герриц Ўзбекистонда профессионал таълим соҳасида ҳам сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида қайд этди.

Лойиҳанинг умумий давомийлиги 12 йил бўлиши кутилмоқда, бунда лойиҳа ҳар бири 4 йиллик 3 босқичда амалга оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш жараёнида қуйидагиларга эришиш мақсад қилинган:

– касб-ҳунар таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш;

– шаффоф таълим сифатини таъминлаш ва мониторинг қилиш;

– менежмент ва ўқитувчилар малакасини халқаро стандартларга мослаштириш;

– касб-ҳунар таълимида тадбиркорлик субъектлари ва иш берувчилар билан ҳамкорликни тизимлаштириш.

Учрашув якунида икки томондан лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этишда белгиланган йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича биргаликда ишлашга тайёр эканликлари билдирилди.

Manba: Axborot xizmati

26.07.2021