Ўзбекистон-Россия етакчи ОТМлари ректорларининг минтақалараро онлайн конференцияси ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Олий таълим Кенгаши ҳамда Россия ректорлар Кенгаши ва М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ташаббуси билан 2020 йилнинг 27 май куни “Ўзбекистон-Россия етакчи олий таълим муассасалари ректорларнинг минтақалараро онлайн конференцияси” ўтказилади.

Икки мамлакат ўртасида ўсиб бораётган савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳалардаги алоқалар, ҳар икки мамлакат раҳбарлари даражасида соҳага берилаётган алоҳида эътибор, соҳа ривожи учун муҳим янги истиқболли йўналишларни белгилаб бермоқда.

Жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йилнинг октябрь ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи доирасида ўтказилган биринчи Ўзбекистон-Россия таълим форумида 130 дан ортиқ икки томонлама шартномалар имзоланган эди.

Эришилган келишувлар асосида сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорлик кенгайди, Ўзбекистонда очилган Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари сони 10 тага етди, қўшма илмий лойиҳалар сони ва кўлами сезиларли даражада ўсди.

Мазкур минтақалараро онлайн конференция, 2020 йилда Москва шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон ва Россия Президентлари саммити дастурига киритилган Ўзбекистон-Россия иккинчи таълим форумига тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида олий таълим ва илмий соҳалардаги икки томонлама келишувларни амалга оширишининг дастлабки натижалари ва истиқболлари муҳокама қилинади.

Минтақалараро онлайн анжуман ишида икки мамлакатнинг давлат ҳокимияти органлари вакиллари ва 120 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этадилар. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор АБДУВАХИТОВ, Россия Федерацияси Президенти Бошқармаси бошлиғи Владимир ЧЕРНОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон МАЖИДОВ, Россия Федерацияси фан ва олий таълим вазири Валерий ФАЛЬКОВ кириш сўзлари билан анжуман қатнашчиларига мурожаат қиладилар.

Ўзбекистон Республика олий таълим кенгаши раиси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори проф. Ў.УМУРЗАКОВ ва Россия ректорлар кенгаши раиси, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори в. САДОВНИЧИЙ ялпи мажлисда маъруза билан чиқиш қиладилар. Анжуман дастури доирасида икки давлат ОТМлари ректорлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотда биргаликда муҳокама қилишади. Анжуманнинг ялпи ва шўъба мажлислари дастурига кенг қамровли мавзулар киритилган, жумладан:

1.Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг филиалларини очилиши ва уларнинг фаолиятидаги долзарб масалалар;

2. Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасаларининг илмий соҳадаги ҳамкорлиги истиқболли йўналишлари;

3. Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасаларининг замонавий шароитлардаги ҳамкорлигининг инновацион механизмлари.

Минтақавий онлайн анжуман 2020 йил 27 май Тошкент вақти билан соат 14:00да бошланади. 

 

Manba: Axborot xizmati

22.05.2020