Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирлари, Давлат тест маркази директори ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи иштирокида онлайн брифинг ўтказилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Давлат тест маркази директори Маджит Каримов ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаевлар иштирокида онлайн брифинг ўтказилди.

Брифинг "UzReport" телеканали орқали тўғридан тўғри эфирга узатилди.

 

Магистратурага кириш учун ҳужжатлар топшириш жараёни қандай ўтказилади ва муддатларида ўзгаришлар бўладими?

 - Магистратурага кириш учун ҳужжатлар белгиланган тартибда 1 июлдан 30 июлгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.  2020/2021 ўқув йилидан бошлаб магистратурага кириш учун абитуриентларга электрон тарзда ҳужжатларни топшириш имкониятлари яратилади.

 Магистратурага кириш имтиҳонлари қандай шаклда ўтказилади ва натижалар қандай эълон қилинади?

- Магистратурага кириш имтиҳонлари карантин тадбирларидан келиб чиққан ҳолда Низомда белгиланган шаклларда ёки тест шаклида ўтказилиши мумкин.
 Кириш имтиҳонлари натижалари муайян олий таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Якуний давлат аттестацияларида узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаган талабаларга қайта топширишга имкониятлар яратиладими?

- Республика миқёсида карантин чекловлари тўлиқ якунлангач якуний давлат аттестацияларини узрли сабабларга кўра топшира олмаган талабалар учун якуний давлат аттестация комиссиялари фаолияти ташкил этилади.

Маълумот учун, якуний давлат аттестация комиссиялари раислари бир календар йили учун тасдиқланади.

Магистратура мутахасисликлари битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимоялари қандай тартибда ўтказилади?

- Магистратура мутахасисликлари битирувчиларининг магистрлик диссертациялари ҳимоялари ZOOM ёки бошқа дастурлар орқали масофавий шаклда ўтказилади.

2020/2021 ўқув йили учун талабалар ўқишини кўчириш жараёни қандай тартибда ўтказилади?

- 2020/2021 ўқув йилига республика олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

2020 йилнинг 15 июлидан 5 августига қадар ҳужжатлар қабул қилинади (ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш имконияти яратилади);

6 августдан 30 августга қадар аризалар кўриб чиқилиб қарор қабул қилинади.

Ҳозирги кундаги карантин тадбирлари сабабли ўқишни кўчириш жараёнлари муддатларида ўзгаришлар бўлган тақдирда вазирликнинг расмий сайти (www.edu.uz) ва телеграмм канали @eduuz орқали эълон берилади.

Қўшни давлатлардан ўқиши кўчирилган фуқаролар ўқиган курсларидан қуйи курсларга тавсия этилмоқда. Мазкур ҳолат тўғрими?

- Республика олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчиришда намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда муайян курсга ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди ва шунга кўра талабага ўқишини қуйи курсда давом эттириш тавсия этилиши мумкин.

Магистратурага кириш имтиҳонлари қандай шаклда ўтказилади ва натижалар қандай эълон қилинади?

- Магистратурага кириш имтиҳонлари карантин тадбирларидан келиб чиққан ҳолда Низомда белгиланган шаклларда ёки тест шаклида ўтказилиши мумкин.

Кириш имтиҳонлари натижалари муайян олий таълим муассасаларининг расмий веб сайтларида эълон қилинади.

Коллежларда битириш имтиҳонлари қандай ташкил этилади?

- Якуний имтиҳонларни онлайн ўтказиш бўйича таклиф киритилган. Касб-ҳунар коллежларида 2019/2020 ўқув йили учун истисно тариқасида, Якуний давлат аттестациясини онлайн тарзда ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга малакавий ишни бажарган битирувчилар ўз тақдимотларини интернет тармоғи орқали касб-ҳунар коллежларига тақдим этишлари мумкин бўлади.

Академик лицейларда якуний давлат аттестациялари имтиҳонлари қай тарзда ўтказилади?

- Якуний давлат аттестацияларини ўқув режага мувофиқ қуйидагича ўтказиш режалаштирилмоқда: давлат имтиҳонлари шаклида 60 та тест (Ўзбекистон тарихи фани, йўналишлар бўйича чуқурлаштирилган фанлар)дан иборат тестлар тўплами блокларга ажралган ҳолда, кўп вариантлилик принципи асосида ишлаб чиқилади ва ўқувчилар масофавий тарзда интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда имтиҳон топширадилар.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига талабаликка қабул қилиш жараёнларида ўзгаришлар борми?

- Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига ҳужжатлар топшириш муддатларига ўзгартиришлар киритилмаган.

Ўтказиладиган имтиҳонларни соддалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Абитуриентлар ижодий имтиҳонга фақат бир марта келиб кетади.

Мен март ойида малака ошириш курсига ўқишга борган эдим, 16 мартдан ўқишларимиз масофавий шаклга ўтказилди. Масофавий курсни тугатганман. Энди чиқиш тестлари ва аттестация жараёнлари қачон ва қандай шаклда бўлади?

- Қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари томонидан 1,2,4,5 май кунлари онлайн тест ҳамда 6,7,8,9 май кунлари аттестация жараёнлари ўтказилиши белгиланган.

Олий таълим муассасаси битирувчи курс талабаларига контракт пулларини тўлаш керак демоқда. Агар тўланмаса, талаба якуний назоратларга киритилмайди ва унга битирганлик тўғрисидаги диплом берилмайди деб эшитдим. Шу тўғрими?

- Олдин ҳам айтганимиздек, карантин даврида ўқув йили учун тўлов-контракт пулларини тўлиқ тўлашга улгурмаган талабалар ўқишдан четлатилмайди. Бу битирувчи курс талабаларига ҳам тааллуқли.

Ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, контрaкт тўлови муддатини мустақил узайтириш ваколатига эга.

Юқоридагилардан келиб чиқиб тўловларни тўлиқ амалга оширмаган битирувчи курс талабалари шартли равишда истисно тариқасида якуний назоратларга киритилиши мумкин, лекин уларга ўқув йили учун белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширганларидан сўнг олий таълим муассасасини тугатганлиги тўғрисидаги тегишли диплом берилади.

 

Manba: Axborot xizmati

02.05.2020