ОТМ профессор-ўқитувчилари учун учта йўналишда масофавий курслар йўлга қўйилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун “Масофавий таълимни ташкил этиш технологиялари”, “Инглиз тили (beginner)”, “Инглиз тили (intermediate)” йўналишлари бўйича масофавий курсларда ўқиш имконияти яратилди.

Масофавий курсларда ўқиш учун профессор-ўқитувчилар ўзларининг электрон портфолио тизимидаги логин ва пароллари орқали http://mk.bimm.uz/ порталига кириб, авторизациядан ўтадилар. 

Масофавий курслар порталининг бош саҳифасида курслар рўйхати берилган бўлиб, тегишли мурожаат орқали профессор-ўқитувчилар ўзларига керакли курсларга ўтишлари мумкин.  

Ҳар бир курснинг таркибида маърузалар матни, видео материаллар, мавзулар юзасидан топшириқлар, тестлар, фойдали манбалар ҳамда адабиётлар манзиллари келтирилган.

Профессор-ўқитувчилар ушбу курсларда ўқишлари асосида масофавий таълимни ташкил этиш бўйича педагогик дастурий воситалар ва АКТ, электрон ўқув контентларини яратиш кўникмаларига эга бўладилар. Шунингдек, инглиз тили бўйича бошланғич ёки давом эттирувчилар учун алоҳида курсларда ўзларининг тил кўникмаларини ривожлантирадилар. 

Мазкур курсларда ўқиш натижалари профессор-ўқитувчиларнинг узлуксиз малака ошириш тизимининг таркибий қисми сифатида навбатдаги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари якунида инобатга олиниши режалаштирилган

Manba: Axborot xizmati

10.04.2020