АҚШ университетлари профессорлари билан видео мулоқот

2020 йил 9 апрель куни соат 19:00 да АҚШнинг Жоржиа, Жорж Мейсон ва Вашингтон университети мутахассислари иштирокида видео-семинар бўлиб ўтди. Мазкур семинарда Жоржиа университети профессори Девид Киеса, Жорж Мейсон университети профессори Жина Беннет ва Вашингтон университети инглиз тили мутахассиси Жошуа Гастон ҳамда докторантлари, шунингдек ЎзДЖТУ факультет деканлари, декан ўринбосарлари ва инглиз тили ўқитувчилари иштирок этди. 

 Видео-семинар давомида ҳозирги кундаги COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазиятда талабалар учун онлайн машғулотларни ташкил қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Хусусан, ЎзДЖТУ вакиллари онлайн машғулотларни ташкил қилиш учун Телеграмм каналидан фойдаланилаётганлиги, лекин бу етарли даражада самара бермаётганлиги маълум қилишди.

АҚШлик мутахассислар бу борада ўз фикрларини билдиришди. Профессор Жина Беннет ЎзДЖТУда инглиз тили ўқитувчилари иштирокида амалга оширилган лойиҳалари доирасида “Google Classroom” платформасидан фойдаланганлиги, ушбу платформа умуман бепул бўлиб, ўз самарасини берганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ушбу платформа бўйича ўз тақдимотини намойиш этди.

2018/2019 ўқув йилида ЎзДЖТУ фаолият олиб борган инглиз тили мутахассиси Жошуа Гастон “Edmodo” платформаси имкониятлари ҳақида ўз тақдимотини ўтказди. Ушбу платформа ҳам бепул бўлиб, кенг имкониятларга эга.

Видео-семинар иштирокчилари мазкур платформалардан фойдаланиш яхши самара бериши мумкинлигини таъкидлаб ўтишди. АҚШлик профессорлар кейинги ҳафта ўтказиладиган навбатдаги видео-семинарда тавсия этилаётган платформалар бўйича ўз фикрларини билдиришларини сўради. Улар, ўз навбатида, Телеграмм каналидан самарали фойдаланиш имкониятлари бўйича ўз фикрларини айтишини маълум қилишди. 

ЎзДЖТУ вакиллари тавсия этилган платформалар имкониятлари ва афзалликларини ўрганиб чиқиши ва навбатдаги мулоқот чоғида ўз фикрларини билдиришларини маълум қилишди.

Manba: Axborot xizmati

09.04.2020