Италия билан олий таълим соҳасида ҳамкорлик ривожланади

Бугун, 22 ноябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги катта делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Италия томонидан Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана, вилоятнинг молия ва бюджет масалалари вазири Давиде Карло Капарини, Президен аппарати бошлиғи Джулия Мартинелли, Италиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Андреа Бертоцци ва бошқа бир гуруҳ юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов меҳмонлар билан ўзбек иқтисодиёти учун зарур бўлган йўналишларда мутахассислар тайёрлашда Италия билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Ломбардия вилояти Милан, Бергамо, Инсумбрия каби 13 та университетга эга бўлган Италиянинг йирик илм-фан марказларидан бири саналади. Ломбардиянинг иқтисодий ривожланишида илмий тадқиқот марказларининг ўрни катта бўлган, кичик ва ўрта корхоналар тараққиёти ҳам бевосита илмий изланишларниинг амалиётга татбиқ этилиши билан чамбарчас боғланган.

Иномжон Мажидов делегация аъзоларига ҳамкорлик ташаббуси учун миннатдорчилик билдириб, Италия университетлари филиаллари учун Ўзбекистон ҳукумати солиқ, божхона, моддий-техник база бўйича кенг имтиёзлар беришга тайёрлигини алоҳида таъкидлади.

- Биз Ўзбекистон билан олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш тарафдоримиз, - деди Аттилио Фонтана. – Университетларимиз мустақил қарор қабул қилишади, нафақат Бергамо, Инсумбрия, Милан, балки бошқа университетлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилиши, уларга ташрифлар ташкил этишга имконият яратиб берамиз.

Учрашувда Иномжон Мажидов вазирлик Милан университети билан ветеринария-медицина, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, илм-фан, техника соҳаларида, Бергамо университети билан инженерия соҳасида, Инсумбрия университети билан эса биотехнология ва ҳаёт ҳақидаги фанлар бўйича ҳамкорлик қилишга доим тайёрлигини қайд этиб ўтди.

Manba: Axborot xizmati

22.11.2019