Ўзбекистон олий таълим имкониятлари Тошкент халқаро туризм кўргазмасида намойиш этилмоқда

2019 йилнинг 13-15 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” XXV Тошкент халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтади.

Кўргазмада юртимиз сайёҳлик салоҳияти, сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш йўлида қилинган ишлар самаралари намойиш этилмоқда. 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Буюк ипак йўлининг маданий, тарихий ва табиий меросини тарғиб қилиш ва ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдан иборатдир.

“Ипак йўлида туризм” халқаро кўргазмасида юртимиз олий таълим тизими салоҳияти, хусусан сўнгги уч йил давомида малакали кадрлар тайёрлаш йўлида амалга оширилган ишлари ҳам намойиш қилинди.

ЎзМУ, ЎзДЖТУ, ТДТУ, ТДИУ, БухДУ, УрДУ, ТМИ, ТИҚХМИ, Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети вакиллари иштирок этиб, олий таълим тизимидаги ўзгаришлар акс этган экспозициялар билан қатнашдилар.

Кўргазмада кейинги икки йилда мамлакатимизда 35 та, жумладан, 13 та хорижий олий ўқув юрти ташкил этилгани, юздан ортиқ янги бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда 94 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилгани қайд этилди.

Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб 21 та хорижий мамлакатнинг 103 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилди.

Manba: Axborot xizmati

13.11.2019