Вазирлик: Иқтидорли талабалар Туркияга ўқишга юборилиши мумкин

Бугун, 11 ноябрь куни, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Туркиянинг Хорижлик турклар ва қавм жамиятлар идораси раиси Абдуллоҳ Эрен бошлигидаги делегация қабул қилинди.

Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Маджидов, вазир ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, Хорижлик турклар ва қавм жамиятлар идораси раиси Абдуллах Эрен, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ва мутахассислари иштирок этди.

Музокараларда иқтидорли ёшларга Туркиянинг давлат олий таълим муассасалари бакалавриати, магистратураси ва докторантурасида ўқиш учун Туркия ҳукумати стипендияларини тақдим этиш имконияти, танлов шартлари, ғолибларга яратиладиган шарт-шароитлар муҳокама қилинди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Маджидов Туркия делегациясига миннатдорчилик билдириб, нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан Туркия олий таълим муассасаларида етук, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга йўналтирилган лойиҳаларни вазирлик қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шу билан бирга, лойиҳани босқичма-босқич иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда муҳандислик, техника, кимё саноати, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, тадбиркорлик каби мутахассисликлар бўйича магистратура ва докторантурада ўқитишдан бошлашни таклиф этди.

Маълумот учун: Бугунги кунда Туркия олий таълим муассасаларида 1075 нафар ўзбекистонлик талаба, шундан 150 нафари грантлар асосида, таҳсил олмоқда.

Manba: Axborot xizmati

11.11.2019