Вебстер университети Президенти Ўзбекистонга ташриф буюрди

Жорий йил 13 сентябрь куни Вебстер университети (АҚШ) Президенти Элизабет Стробл хоним Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Ташрифдан мақсад Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги таълим дастурларини амалга ошириш маркази фаолияти билан танишиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан учрашиб, улар учун яратилган шароитлар, таълим жараёнини ташкил этилиши юзасидан фикр алмашиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти билан ҳамкорликдаги фаолиятни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Ташрифнинг биринчи куни Элизабет Стробл хоним Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги таълим дастурларини амалга ошириш марказига ташриф буюрди ҳамда марказ раҳбарияти, талабалар ва профессор-ўқитувчилар билан учрашди. Савол-жавоблар шаклида ўтган очиқ мулоқот давомида талабалар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди. Жумладан, Вебстер университетида таълим жараёнининг ўзига хосликлари, таълим олувчилар учун яратилган шароитлар хусусида маълумот берилди.

Шундан сунг Элизабет Стробл хоним оммавий-ахборот воситалари ходимлари билан мулоқот қилиб, ўзининг марказ билан танишиш давомида олган таассуротларини баён қилди. Меҳмонлар марказда яратилган шарт-шароитлар бугунги кун талабларига жавоб беришини ҳамда талаба-ёшларга сифатли таълим бериш имконига эга эканлигини таъкидладилар.

Куннинг иккинчи ярмида Элизабет Стробл хоним ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Маджидов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, АҚШ профессор-ўқитувчиларини марказ таълим жараёнига кенгроқ жалб қилиш, ўзбекистонлик талабаларни АҚШдаги Вебстер университетида таҳсил олишларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди. Элизабет Стробл хоним Ўзбекистон университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истагида эканлигини билдирди.

Manba: Axborot xizmati

13.09.2019