Тошкентдаги Вебстер университети: таҳсил жараёни, қабул ҳамда шароитлар ҳақида батафсил

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасида кўплаб салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда, айнан пойтахтимиз Тошкент шаҳрида илк маротаба Америка Қўшма Штатларининг Вебстер университети филиали ташкил қилиниши ана шундай қувончли янгиликлардан бири бўлди. Ушбу ўқув даргоҳи талабаларга жаҳон стандартлари асосида ва замонавий йўналишларда таълим беради. Олийгоҳ ҳақида батафсил маълумот олиш ва  талаба бўлиш орзусидаги абитуриентларга мазкур маълумотларни етказиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш маркази ижрочи директори, иқтисод фанлари номзоди, доцент  Раҳмонов Расул Неъматович билан қизғин суҳбат қурдик.

 

- Ўзбекистонда Америка Қўшма Штатларининг Вебстер университети филиалининг очилиши ташаббуси кимга тегишли?
- Авваламбор, олий  таълим тизимидаги ислоҳотлар, мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг таъсирчан механизмларини яратишга қаратилган чора-тадбирларнинг бошида муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг ўзлари турибдилар. Хорижий мамлакатлардаги олий таълим даргоҳларининг илғор тажрибаларини ўзлаштириш, улар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, таълим соҳасига чет эл инвестицияларини жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб келинмоқда.

- Университет талабалари қандай йўналишлар бўйича таълим оладилар?
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4245 сон “Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш Марказини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ 14 та бакалавриат йўналишлари ва 16 магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши белгилаб берилган. 2019-2020 ўқув йилидан эса абитуриентларга бакалавр йўналиши бўйича тўртта – Медиа коммуникациялар, Бизнес бошқаруви, Иқтисодиёт ҳамда Инглиз тили иккинчи тил сифатида йўналишлари бўйича дастурларда, магистратурада Бизнес бошқаруви Медиа коммуникациялар ҳамда Инглиз тили иккинчи тил сифатида ўқитиш мутахассисликлари бўйича таҳсил олиш имконияти йўлга қўйилди. Кейинги йилларда эса Бошқарувнинг ахборот тизимлари, Интерфаол рақамли медиа, График дизайн, Реклама ва маркетинг коммуникациялари, Информатика, Халқаро муносабатлар, Бухгалтерия ҳисоби, Жамоатчилик билан алоқалар ҳамда кино, телевидение ва видео ишлаб чиқарилиши каби бакалавриат таълим дастурлари; Ахборот технологиялар бошқаруви, Коммуникациялар бошқаруви, Бизнес ва ташкилий хавфсизлик бошқаруви, Савдо бошқаруви, Реклама ва маркетинг коммуникациялари, Таълим технологиялари, Амалий педагогик психология, STEM, Менежмент ва лидерлик, Экология менежменти, Соғлиқни сақлаш бошқаруви каби магистратура таълим дастурлари йўлга қўйилади.

- Дарс жараёнлари, ўқув дарсликлари ва мутахассис педагоглар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
- Дарс жараёнлари тўлиқ инглиз тилида, кундузги таълим шаклида, маҳаллий ва америкалик мутахассислардан иборат бўлган педагоглар таркиби ёрдамида олиб борилади. Таълим жараёни тўлиқ контракт шартнома асосида амалга оширилади.

- Университет талабаси бўлиш истагидаги абитуриентлар қандай фанлардан имтиҳон топширишлари керак?
- Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу ерда ҳеч қандай кириш имтиҳонлари бўлмайди. Абитуриентлар қабули май ойидан бошланди ва 31 июль санасига қадар давом этади. Албатта, бу ўринда улар томонидан топширилиши керак бўлган бир қатор ҳужжатлар бор. Аммо  энг асосий мезон – халқаро тил сертификатига эга бўлиш ҳисобланади. Улардан IELTS кўрсаткичлари – 6.0, TOEFL даражаси эса 80 бўлиши талаб қилинади. Ҳужжатлар электрон кўринишда Вебстер университетининг расмий uzadmissions@webster.edu электрон манзилига юборилади, мутахассислар томонидан кўриб чиқилади ва бир ҳафта ичида жавоб қайтарилади.

- Мазкур университетнинг Ўзбекистон ОТМдан қандай фарқли жиҳатлари бор?
- Фарқли жиҳати, таълим йўналишларининг замонавий халқаро стандартлар асосидаги, замон талаб қилаётган янги йўналишларни таклиф қилишидир. Мисол учун, медиа коммуникациялари, арт-дизайн, лойиҳа бошқаруви, интерфаол медиа, бошқарувнинг рақамлари тизимлари, график дизайн, реклама-маркетинг коммуникациялари, журналистика, кино-телевидение ва видео ишлаб чиқариш каби йўналишларни янгилик деб айта оламан. Вебстер университети дунёдаги энг кучли олийгоҳлар мингталигига киради ва охирги 5 йилда 600–800 ўринларда баҳоланиб келмоқда. У дунёнинг жами 8 та мамлакатида: АҚШ, Австрия, Нидерландия, Греция, Швейцария, Хитой, Гана ва Ўзбекистонда 10 дан зиёд кампусга эга. Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Марказдан ташқари Ўзбекистон ҳудудида ТДИУ,  ЎзДЖТУ, ТАТУда қўшма дастурлар асосида магистратура бўйича кадрлар тайёрлаш ўтган йилдан бошлаб йўлга қўйилган. Вебстер университетида таълим олишнинг шартнома тўлови миқдори Америкада 26–30 минг АҚШ долларини ташкил қилса, бу ерда аҳолининг ўртача даромадлари ва турмуш шароитларидан келиб чиқиб Марказ таъсисчилари: Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамда Вебстер университети томонидан ўзаро келишган ҳолда Ўзбекистон учун тўлов контрактнинг йиллик қиймати бакалавриат йўналишлари учун 3200 АҚШ доллари, танланган магистратура мутахассисликларига қараб 4000-6000 АҚШ доллари миқдорида белгиланди. Бу АҚШнинг энг илғор университетларидан бирида таҳсил олиш ва унинг дипломига эга бўлиш учун ажойиб имконият. Шу билан бирга, таҳсилнинг 2–3-курсларида айнан мана шу тўлов миқдори билан Америка, Греция, Австриядаги, бир сўз билан айтганда, исталган кампусда ана шу 26 000 долларлик тўлов дастурида ўқиган каби 1 семестр давомида таҳсил олиб келиш мумкин бўлади.

- Ушбу ўқув йилида Вебстер университети талабаси бўлишни истаган ёшлар нечтани ташкил қилди?
- Айни пайтда қабул жараёнлари ҳали давом этмоқда. Шу кунга қадар 70 га яқин абитуриентлар бакалавр йўналиши учун қабул қилинган. Режа бўйича мазкур ўқув йилида магистратура йўналиши бўйича 100 та, бакалавр йўналиши бўйича 200 нафар талаба қабул қилиш режалаштирилган.

- Олийгоҳда талаба ёшлар учун қандай имкониятлар яратилган?
- Имкониятлар жуда кўп. Улар бевосита Американинг етук профессорларидан таҳсил олишлари, халқаро аккредитациядан ўтган энг илғор таълим дастурлари бўйича  ўқиб-ўрганишлари, ана шу шартнома тўлови ичида барча ўқув дарсликларига эга бўлишлари мумкин. Шунингдек, Вебстер университетининг кутубхона фондидан ҳам бевосита фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

- Мазкур университет талабаси бўлишни истаган ёшларга ўз орзуларига етишиш учун қандай тавсияларни берган бўлар эдингиз.
- Ҳар бир инсон ҳаётда аниқ мақсад ила яшаши керак. Келгусида эл-юртга нафи тегадиган шахс сифатида шаклланиши, оиласи ва фарзандлари учун яхши касб эгаси бўлиш даркор. Бунинг учун асосий замин олий таълим муассасаларида яратилади. Ана шундан кейин эса ўз устида ишлаб, орзуларга етиши мумкин бўлади. Бу борада талабаларга энг катта тавсия – ўқиш, изланиш ва бу йўлда ҳеч қачон чарчамаслик! Ота-боболаримиз айтганларидек, бешикдан то қабргача илм излаб, ўқишнинг пайида бўлиш лозим.
Фойдали ва мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Университет талабаси бўлиш орзусидаги абитуриентлардан қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

  • Ариза
  • Халқаро тил билиш сертификати (TOEFL 80/IELTS 6.0).
  • Диплом ва унинг тасдиқланган иловаси (ўртача баҳо 2.5 дан юқори бўлиши керак).
  • Ўқитувчи ёки устоздан тавсиянома.
  • Паспорт нусхаси.

Иншо (эркин мавзуда: карьеравий мақсадлар; айнан нима учун Вебстер университетига ўқишга киришдан мақсади; автобиографик маълумотлар; шахсий касбий тажриба ва ҳ.к.) ёзилади ва 300–500 сўздан иборат бўлади.

Ушбу ҳужжатларни uzadmissions@webster.edu электрон манзилига юбориш лозим.

Қўшимча маълумотлар учун Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети 1-БИНО, 110-хонага мурожаат қилиш мумкин.

Телефон: (71) 239-28-33.

   

 

Manba: Axborot xizmati

25.06.2019