Хитой Халқ Республикаси таълим вазири ўринбосари Самарқанд давлат чет тиллар институтига ташриф буюрди

2019 йилнинг 21 май куни Хитойнинг “Ханьбан” халқаро  таълим ташкилоти директори ўринбосари жаноб Ю Юфенг ҳамда Шанҳай хорижий тиллар университети проректори Янг Лилар бошчилигидаги 5 кишилик делегация, 22 май куни эса Хитой Халқ Республикаси таълим вазири ўринбосари Тянь Сюэцзюнь бошчилигидаги 7 кишилик делегация Самарқанд давлат чет тиллар институтига ташриф буюришди. Делегацияни СамДЧТИ ректори И.М.Тухтасинов кутиб олди.

Делегация аъзоларига дастлаб СамДЧТИ қошидаги Конфуций Институти  тарихи ва фаолиятига оид фотокўргазма намойиш қилинди. Делегация Институтда фаолият юритаётган хитойлик мутахассислар ва маҳаллий ўқитувчиларнинг дарс жараёнларини кузатишди ҳамда ўқитувчи ва талабалар билан суҳбатлашишди. “Ханьбан” халқаро  ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган замонавий ўқув аудиторияси “Smart classroom” ҳамда синхрон аудиторияда ташкил этилган хитой тили йўналиши талабаларининг дарсларини кузатишди ва талабалар томонидан ўзбек тилидан хитой тилига қилинаётган синхрон таржималарни тинглашди. Жаноб Тянь Сюэцзюнь ва делегация аъзолари талабаларнинг тил ўрганишга бўлган қизиқишлари ва интилишларини юқори баҳолашди.

Ташкил этилган расмий учрашувда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш, жумладан, СамДЧТИ қошидаги Конфуций Институти фаолиятини янада ривожлантириш, бакалавриат босқичида “хитой тили + туризм” ва магистратура босқичида “хитой тили + иқтисодиёт” шаклларида қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамда Шанҳай хорижий тиллар университетининг Самарқанд шаҳридаги филиалини очиш бўйича таклифлар берилди. Таклифлар бўйича дастлабки музокаралар олиб борилди ва бу борадаги ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Делегация, шунингдек, СамДЧТИ академик лицейида ташкил этилган хитой тили йўналиши талабаларининг дарс жараёни билан танишишди. Лицейда хитой тилини ўқитишни ривожлантириш, ҳамкорликда моддий техник базасини бойитишга келишилди.      

 

Manba: Axborot xizmati

23.05.2019