АҚШда олий таълим соҳасида Ўзбекистон билан кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш катта

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида АҚШнинг Алкорн университети ва Миссисипи давлат университети делегацияси қабул қилинди.

Учрашувда Алкорн университети президенти Донзел Ли, университетнинг амалий фанлар ва қишлоқ хўжалиги мактаби декани Эдмунд Бакнер, халқаро дастурлар директори Дови Алипо, Миссисипи давлат университети Халқаро институти директори Жули Жордандан иборат делегация билан кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Маълумки, Миссисипи давлат университети билан Тошкент давлат аграр университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон қурилиш, муҳандислик, санъат, экологик таълим соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилиш тарафдор эканлиги қайд этилди.

Алкорн ва Миссисипи давлат университетлари бой тарихга эга бўлиб, улар ўзлари олиб бораётган тадқиқотлари натижаларининг бевосита фермер даласигача олиб боришни мақсад қилиб қўйиши ва бунга эришаётгани таъкидланди. Ўзбекистонда ҳам худди шу тамойил асосида ҳамкорлик қилиш режалари мавжуд эканлиги маълум қилинди.

Республикамиз олий таълим муассасалари учун АҚШ университетларида қўлланилаётган таълим технологиялари, фанлар дастурлари мазмуни, фан-таълим-ишлаб чиқаришнинг самарали ҳамкорлиги масалалари бўйича тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

Меҳмонлар Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалигидан ташқари, таълим, иқтисод, муҳандислик, санъат, аниқ фанлар соҳаларида ҳам ҳамкорик қилишга тайёр эканлигини билдиришди.

Ўзбекистон томони олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини АҚШ университетларида малакасини ошириш, илмий кадрларни магистратура ва докторантура орқали тайёрлашга қизиқиш юқори эканини билдирди.

Музокараларда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, экологик инқироз оқибатларни юмшатиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда ҳудуднинг экологик муаммолари бўйича ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама этилди.

АҚШ университетлари делегацияси ташриф давомида Тошкент давлат аграр университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари ҳамда Навоий давлат педагогика институтларига боришади.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекситонда АҚШнинг Весбтер университети фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, республикамиз олий таълим муассасалари АҚШнинг Сиэтл, Питсбург, Мичиган, Огайо, Ромако ва бошқа университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ушбу ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди.

Manba: Axborot xizmati

14.05.2019