Олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиши таълим бозорида соғлом рақобатни юзага келтиради

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4391-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида”ги 967-сонли қарори асосида 2020 йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

Бундан кўзланган асосий мақсад олий таълим муассасаларининг молиявий бошқарув тизимини либераллаштириш, уларга бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишда кўпроқ имкониятлар яратиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга замонавий шарт-шароитлар яратиш орқали олий таълимдаги ислоҳотлар самарадорлиги ва таълим сифатини оширишдир.

2020 йил январидан Тошкент давлат иқтисодиёт, Тошкент давлат юридик, Урганч давлат ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетлари, Самарқанд давлат чет тиллар, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис, Тошкент молия, Тошкент давлат шарқшунослик, Тошкент фармацевтика ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтлари тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

Олий таълим муассасаларининг босқичма босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши, иқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали академик мустақилликка эришиши, пировардида малакали кадрлар тайёрлаш ва кенг илмий-тадқиқот фаолиятни йўлга қўйиш тажрибаси ривожланган давлатларда анъанага айланган.

Ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган олий таълим муассасаларига таълим бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда ҳамда муассасанинг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Мустақил молиялаштириш тизимига ўтадиган олий таълим муассасаларида давлат гранти ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида кадрлар тайёрлаш давом этади. Бу эса қабул квоталарини нафақат сақлаб қолиш, балки уларни ошириш имконини беради.

 

Мисол учун, 2020 йилдан ўзини ўзи молиялаштиришга ўтадиган олийгоҳлар қарийб 17 минг нафар талабани ўқишга қабул қилиши кутилмоқда, бу эса 2019 йилдаги кўрсаткичдан 20 % кўп демакдир.

Ўз-ўзини молиялаштириш тизимини жорий этилиши олий таълим соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва бюджет маблағларининг ажратилишини камайтирмайди, аксинча Ҳукумат иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлашда инвестор бўлиб қолади. Таҳлилларга кўра 2020 йилда республикадаги олий таълим муассасаларини молиялаштиришга 7 трлн. сўмдан ортиқ (2019 йилга нисбатан 50, 5% кўп) маблағ ажратилиши прогноз қилинди.

Ҳозирда олий таълим муассасалари ўз маблағларини кўп ҳолларда олдиндан белгилаб берилган тартибда сарфлашга мажбур, яъни ажратилган маблағга мувофиқ харажат қилинади: 46,8% — ойлик маошлар учун, 33,1% — стипендияларга, 11,5% — бюджет учун ажратмалар ва 8,6 % — бошқа харажатлар учун. Янги молиялаштириш тизимига ўтадиган олий таълим муассасалари эса юқоридаги мақсадлар учун қанча маблағ сарфлашни мустақил ўзи белгилайди, яъни мақсадга мувофиқ харажат қилинади.

Бунда, олий таълим муассасаси юқори малакали мутахассисларни жалб этиш ва уларга кўпроқ хақ тўлаш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини мустақил белгилаш, иқтидорли, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Қолаверса, олий таълим муассасаларига ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини, китоблар, журналлар, ўқув адабиётлари харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш ҳуқуқи берилади.

Олийгоҳлар қўшимча маблағлари ҳисобига халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил қилиш ҳамда бу орқали таълим сифати ва муассаса жозибадорлигини оширишлари мумкин бўлади.

Ушбу имкониятлар олий таълим соҳаси ходимлари нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ривожига ижобий ҳисса қўшади. Меҳнатга муосиб хақ тўланиши олий   таълим муассасаларига ёш иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни жалб этишга ва соҳада соғлом рақобатни вужудга келтиришга хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларида маблағлардан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун талабалар, ота-оналар вакиллари, қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат бўладиган Жамоатчилик кенгаши ваколатлари кенгайтирилади. Мавжуд маблағларнинг талон-тарож бўлмаслиги ҳамда уларнинг мақсадли ишлатилишини муассасанинг ҳар бир аъзосига кузатиб бориши учун имконият яратилади.

Жаҳон тажрибасидан кўришимиз мумкинки, сифатли таълим бепул бўлмайди. Таълим сифатини таъминлаб берадиган барча омиллар маълум бир ресурсларни талаб қилади. Ривожланган давлатларда олийгоҳлар малакали кадрлар тайёрлаш орқали мустақил маблағ ишлаб топадиган, шу билан бирга илм-фан, техника ва инновацион тараққиётнинг драйверига айланиб улгурган.

Мазкур ташаббус Буюк Британия, АҚШ, Франция, Япония, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган давлатлардаги илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда тажриба-синов тариқасида амалга оширилмоқда. Ўзини-ўзи молиялаштириш олий таълим муассасаларининг тўлиғича хусусий секторга ўтиб кетишини англатмайди, балки уларга мустақил ривожланиш, таълим сифатини ошириш учун мавжуд ресурслардан фойдаланишда эркинлик берилади.

Мустақил молиялаштириш олий ўқув юртларига ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, замонавий АКТни жорий этишдаги вазифаларни ҳал қилишда қўшимча имкониятлар беради. Бу эса Ўзбекистон таълим бозорида соғлом рақобат муҳитини яратади, олий таълимнинг жозибадорлигини оширади, соҳага хорижий инвестицияни жалб қилишда ижобий таъсир кўрсатади.

Янги тизимга ўтаётган олий таълим муассасаларида тўлов-контракт нархларининг кескин ошиб кетмаслиги, қўшимча маблағ топиш мақсадида мавжуд имкониятларга зид равишда ортиқча қабулнинг амалга оширилмаслиги, энг муҳими соҳада коррупцияга йўл қўймаслик учун мазкур 10 та олий таълим муассасасидаги ўқув жараёнлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қатъий назорат қилиб борилади.

Олий таълимни ривожлантириш мақсадида тажриба-синов тариқасида татбиқ этилган янги ташаббусни давр талаби десак, хато бўлмайди. Бугун янгиланаётган Ўзбекистон учун замонавий кадрлар керак. Малакали кадрлар тайёрлаш учун эса олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унга халқаро тажриба ва бозор талабларини олиб кириш, соғлом рақобат муҳитини яратиш лозим. Олийгоҳларнинг ўзини ўзи молиялаштиришга босқичма босқич ўтиши олий таълимни янги замонавий даражага олиб чиқиш мақсадида бошланган катта ўзгаришларнинг дастлабки босқичидир. Бунда истеъмолчининг ҳам, буюртмачи ва ижрочининг ҳам манфаатлари, қонуний ҳуқуқлари шубҳасиз инобатга олинади.

 

Manba: Axborot xizmati

27.12.2019