Бизга қандай магистратура керак?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 август куни халқ таълими муаммоларига бағишланган йиғилишдаги маърузаси, ҳеч муболағасиз, ўнлаб йиллар давомида тизимда йиғилиб қолган, ўз ечимини кутаётган масалаларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, мамлакатимизнинг истиқболини белгилайдиган энг муҳим стратегик мақсадларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Бу — муҳим масала

БИЗГА ҚАНДАЙ МАГИСТРАТУРА КЕРАК? 
Ёки олий таълим тизими ислоҳотлар чорраҳасида

 

Рустам ХОЛМУРОДОВ
Самарқанд давлат университети ректори, профессор.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 август куни халқ таълими муаммоларига бағишланган йиғилишдаги маърузаси, ҳеч муболағасиз, ўнлаб йиллар давомида тизимда йиғилиб қолган, ўз ечимини кутаётган масалаларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, мамлакатимизнинг истиқболини белгилайдиган энг муҳим стратегик мақсадларни қамраб олгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳақиқатан ҳам бугунги мактаб эртанги мамлакатдир. Маълумки, Давлатимиз раҳбари халқ таълимининг самарадорлиги, сифат кўрсаткичлари бир қатор омилларга боғлиқлигини яна бир бор бандма-банд қайд этди. Таҳлил қилди. Вазиятни ўнглаш йўлларини мутасаддиларга алоҳида уқтирди.

Мактабгача ва умумий ўрта таълим сифатининг саёзлашиб қолишида, олий таълим тизимининг ҳам маълум бир даражада айби бор албатта. Чунки таълимнинг мазкур поғоналарига тарбиячи ва муаллимлар олий ўқув юртларида тайёрланади. Халқ таълими тизимидаги муаммоларнинг ечими, муайян даражада педагог кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасалари фаолиятига боғлиқ бўлиб, унинг юқори нуқтаси олий таълимнинг магистратура босқичидир. Магистр дипломи соҳибларининг бир қисми олий таълим даргоҳларида бакалаврларни ўқитадиган устоз бўлади. Бўлғуси мактаб ўқитувчисининг билим даражаси ва савияси биринчи навбатда олий таълим муассасалари магистрининг салоҳиятига боғлиқ. Чунки мактаб муаллимини, яъни, бакалаврни тайёрлашда магистр иштирокини инкор этиб бўлмайди. Бир қарашда бу кўзга ташланмайдиган омил, лекин аслида кўплаб муаммоларимизнинг бош сабабидир.

Таълим тизими ва сифатли таълим шу жумладан, олий таълим тизимибиринчи навбатда мамлакат фаровонлиги, халқ ҳаётининг сифат даражасини белгилайди. Мақоламизнинг бошидаёқ шуни айтишни истар эдимки, магистратура таълимининг ўзимизга муносиб моделини қабул қилмасдан туриб, таълим-тарбиянинг барча босқичларида қўйилган мақсадга эришиш мушкул. Афсуски, шу пайтгача олий таълимнинг бу босқичини асл моҳиятига муносиб аҳамият бермай, унга енгил-елпи қараб келинмоқда.

Шу ўринда таҳлилни таълим тизими ислоҳотларининг яқин тарихидан бошламоқчиман. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирига келиб, олий таълимнинг беш йиллик тизимидан икки босқичли (бакалавр, магистр) тизимига ўтар эканмиз, бакалаврлар ўзининг малакаси билан анъанавий беш йиллик таълим мутахассисларининг ўрнини босади, магистрлар эса олий таълим муассасаларидаги илмий-педагог кадрлар сафини тўлдиради, деб ўйлаган эдик. Афсуски, ўтган давр мобайнида бизнинг бу умид ва ишончларимиз оқланмади.

Тўғрисини айтганда, мактабнинг унчалик чуқур бўлмаган билим бериши негизида, тўрт йилда юқори малакали мутахассис тайёрлашнинг ўзи жуда мураккаб масала. Бакалавр бу муддат ичида умумий маълумотларнигина ўзлаштириши, юзаки таълим олиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, ҳозирги илм-фан эришган ютуқлар нуқтаи назаридан қараганда ҳам бундай қисқа муддат ичида мутахассис эгаллаши лозим бўлган билим ва компетенцияларни ўзига сингдириб олиши амри маҳол. Бакалаврлар меҳнат бозорининг асосий қисмини ташкил қилмоқда. Бу ҳақиқатни ҳисобга олсак, уларни қисқартирилган мутахассислик дастурлари асосида тайёрлаш жиддий амалий ихтисослашувни талаб этишини инкор этиб бўлмайди. Бундай мутахассислар малакасини қиёмига етказиш учун тегишли, мос, иқтисодиёт тизимлари шаклланиб ривожланган ва ўз малака ошириш тузилмаларига эга бўлиши керак. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳали зарурий меъёрига тўлақонли етказилмаганлигишароитида ва иқтисодий тузилмалар ёш мутахассиснинг амалий кўникмаларини таълинлайдиган имкониятнинг шаклланмаганлиги ҳам бунга салбий таъсир этмоқда.

 Кўп босқичли олий таълим тизими ривожланган мамлакатларда, талаба ҳақиқий профессионал билимни магистратура босқичида ёки иш берувчининг малака ошириш тузилмасида эгаллайди. Чет эл тажрибалари шуни кўрсатадики, бакалавр ўқишни тугатиб, ишлаши учун аксарият ҳолларда тегишли касб уюшмасининг сертификатини олиши лозим. Масалан, улар мактабда ўқитувчилик қилиши учун қўшимча, жиддий педагогик тайёргарликдан ўтади. Масалан, Буюк Британияда талабгор мактаб ўқитувчиси ҳуқуқига эга бўлиш учун фаннинг қайсидир соҳаси бўйича университет бакалавр даражасини олади, ундан сўнг махсус тайёрлов курсини ўтади ва малакали ўқитувчи мақомига эгалигини тасдиқловчи махсус сертификатни қўлга киритгач, педагогик фаолият билан шуғулланади. Францияда ҳам ўқитувчилар тайёрлаш тизими тахминан шундай. Олий таълимнинг икки босқичли тизими амал қиладиган мамлакатларда профессионал малака тўғрисидаги ҳужжатлар (тартибга кўра, талабгорнинг ўқишни тугатиб, ихтисослиги бўйича маълум муддат иш тажрибасига эга бўлганидан сўнг) тегишли профессионал жамиятлар томонидан берилади. Айниқса, малака сертификати бериш талабига таълимнинг техника-технология йўналишларида қаттиқ амал қилинади.                 

АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг, олий таълимнинг икки босқичли тизимига ўтиши, ўша замоннинг маълум талаблари ва шаклланган имкониятлари асосида амалга оширилган. Жумладан, ижтимоий-иқтисодий соҳа юқори малакали олий маълумотли мутахассислар билан етарли даражада тўйинган шароитда, жамиятда олий маълумотга эга бўлишга талаб ва қизиқиш орта борган. Вужудга келган бундай талабни қондириш ва чекланган малака талаб этадиган вазифаларни бажарувчи мутахассислар билан меҳнат бозорини тўлдириш учун олий таълимнинг нисбатан қисқа ва оддий, биринчи босқичи – оммавий тарзда мутахассислар тайёрловчи, бакалавриат тизими киритилган. Аслида, таълимнинг бакалавр даражаси муайян таълим йўналиши бўйича кенг оммага академик олий таълим бериш мақсадида киритилган бўлиб, чуқур касбий маҳоратни олий таълимнинг кейинги босқичи бўлмиш магистратура бериши кўзда тутилган. Шу асосда, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалардаги жиддий масалаларни ҳал этиш, тегишли соҳаларни чуқур ва ҳар тарафлама кенг ўрганган магистрлар зиммасига юклатилган. Магистратурани тугатганлар сони ҳам бу талабларга мос келган. Вақт ўтиши билан бакалавр ва магистрлар тайёрлаш нисбати бакалаврлар тайёрлаш ҳисобига кўпайиб борган.

Олий таълимнинг магистрлик босқичи турли мамлакатларда, турли даврларда олий таълимнинг илмий даража берувчи босқичидан атиги чуқурроқ касбий маҳорат берувчи иккинчи босқичи сифатида талқин этиб келинган. Дунёда бир босқичли олий таълим тизимидан икки босқичлига ўтган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, мамлакат иқтисодиётининг муайян босқичдаги ҳолати ва талабига қатъий мос келувчи магистратура моделигина олий таълимда икки босқичли тизимнинг қабул қилинишини оқлаши мумкин. Акс ҳолда, икки босқичли тизимга ўтишдан кутилган ижобий самара ўрнини соҳадаги жиддий йўқотишлар эгаллайди. Мен буни алоҳида таъкидлашни истайман.

Ўқувчида, ушбу мақола муаллифи магистратура таълим турига қарши экан, деган фикр туғилмаслиги керак. Бу ҳақда мен кўп марта ўз муносабатимни билдирганман. Жаҳон глобаллашув жараёнининг олий таълимдаги ҳосиласи бўлмиш икки босқичли таълим тизимини қабул қилишимиз муқаррарлигини ҳисобга олсак, магистратура босқичи албатта бўлиши керак. Масала мамлакат ривожланишининг бугунги босқичида магистратуранинг қайси модели самарали эканлиги ҳақида.

1997-1998 йилларда Ўзбекистонда амалдаги магистратура тизимининг киритилишидаги концептуал хато шундан иборатки, ўшанда магистратура – асосан олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот институтларининг захира кадрларини тайёрлайди, деган ғояни қабул қилинишидир.

Мана шундай ҳолатда, республикамизниг ижтимоий-иқтисодий тузулмалари эҳтиёжини қондириш у ёқда турсин, ҳатто магистратура олдига қўйилган асосий вазифани бажариш ҳам қониқарли бўлмади. Натижада, магистратуранинг мана шундай битирувчилари ҳисобидан кафедралар шакллана бошлади, ишлаб чиқариш эса тегишли тўлақонли касбий маҳоратли манбаасиз қолди. Ўтган давр тажрибаси шуни кўрсатадики, магистратуранинг бундай моделини қабул қилишга ҳали эрта эди. Мазкур модель ҳам шубҳасиз ҳаётбахш, лекин унинг қабул қилиниши учун ўзгача таянч шароитлар булиши керакки, бундай имконият вақти келиб шаклланади.  

Менинг назаримда, 1998 йил магистратуранинг хозирги, ҳаракатдаги концепцияси қабул қилиниши учун бакалаврларнинг бошқача сифат даражаси,  таълим сифати маданияти, аҳолининг олий таълим билан қамров даражаси, жамиятнинг малакали мутахассислар билан туйинганлиги, мактабнинг фаолият сифати анча юқорироқ бўлиши керак эди. Бу омиллардан бирортасининг ҳам бўлмаслиги, олий таълимни икки босқичлига ўтилишини мураккаблаштириши аниқ. Аҳолининг олий маълумот билан қамрови 10 фоизгача, олий малакали мутахассисларнинг мутлақо етишмовчилиги, иқтисодий ислоҳотларнинг тугалланмаганлиги ва олий таълим муассасалари битирувчилари сифатини баҳолай олишга қодир замонавий иш берувчилар етарли даражада шаклланмаган шароитда, Ўзбекистонда ўтиш даврида, магистратура, олий таълимнинг кейинги селекцион босқичи бўлиши керак холос.

Айни пайтда ва яқин келажакда  бизга бакалавриатура битирувчиларидан жиддий саралаш натижасида шакллантирилган ва бир-икки йил ичида, тор ихтисослик йўналишларига бўлинмаган ҳолда, касб фанларини чуқур амалий ёндашиш асосида ўзлаштирган, анъанавий атама билан айтганда, халқ хўжалигининг(агрономия, инженерия, педагогика ва ҳ.к.) тегишли соҳаларида фаол ва инновацион хизмат қилиш савиясига қодир магистрлар зарур. Улардан, ижодий фаолият билан шуғулланиш қобилиятини намоён қилган  магистратура битирувчиларининг айримлари, ўқишни докторантурада давом эттиришлари  ёки стажёр-тадқиқотчи мақомига ўтишлари  мумкин бўлади.     

Жадал амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг кадрларга бўлган талабини бакалаврларгина қаноатлантира олмайди. Айниқса, иқтисодиётни шакллантирувчи таълим йўналишлари – муҳандислик, машинасозлик, қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар. Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичида, асосий мақсад – истеъмолчиларнинг, ўз касбий сирларини чуқур ўзлаштирган мутахассисларга бўлган талабини қондиришдан иборатдир.

Умумкасбий маълумотгагина эга бакалаврлар ва умумилмий маълумотга эга магистр мутахассислар билан истеъмолчилар талаб-эҳтиёжини қондира олмаймиз. Натижада истеъмолчиларимизнинг асосий қисми ҳақиқий олий маълумотли мутахассисларсиз қолишмоқда. Магистрларни тайёрлашнинг амалдаги мақоми сифатли мутахассисни бера олмаяпти. Магистратуранинг бугунги асосий мақсади – ихтисослик фанларни чуқур амалий ёндашув билан ўзлаштирган мутахассислар тайёрлашдан иборат бўлиши керак.            

Ижтимоий-иқтисодий тизимларимиздаги юқори малакали мутахассисларга булган ҳозирги талабни тегишлича таълим олган магистрлар қониқтира олади. Кейинги даврларда, йиллар оша, боғча, умумий ўрта мактаб ва уларнинг негизига таянган бакалавр таълим тури ўзгача тўйинганлик (мазмун) ва сифат даражасига етгач ва истеъмолчилар бозори зарурий олий сифатли мутахассислар билан муайян даражада таъминлангандан  кейин, бакалаврлар, балки мутахассисларнинг асосий қисмига айланиб, магистратура, илмий-ижодий малака берадиган олий таълим турига қайтар эди.  

Амалдаги магистратура концепцияси, магистрга тор ихтисослик бўйича илмий-амалий йўналишда таълим беришни кўзда тутади. Аммо икки босқичли илмий даража ва стажёр-тадқиқотчиликнинг амалиётга қайтиши билан магистратурадаги тор ихтисосликка мантиқий эҳтиёж қолмади.

Афсуски, муҳокама учун тақдим этилган магистратура тўғрисидаги Қарор лойиҳаси асосан амалдагисининг ғояларини концептуал сақлаб қолган. Унда бўлғуси магистрантларни ижодий ва ишлаб чиқариш мутахассисларига бўлиб қабул қилиш кўзда тутилади. Селекция вақтида ким ва қандай қилиб бакалавриатура битирувчиларини ижодий ва ишлаб чиқарувчиларга ажратади, деган савол туғилади. Бундай танловнинг самара бериши шубҳали.

Магистрнинг ижодий қобилиятлари, табиий равишда, ўқув жараёнида рўёбга чиқади. Олий таълим муассасаси магистратурасининг асосий вазифаси мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаси эҳтиёжларини қаноатлантириш учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашдан иборат бўлиши керак. Илмий педагоглик кадрлар тайёрлаш эса бу массивнинг ҳосиласигина холос. Ўтган йигирма йиллик давр таҳлили шуни кўрсатадики, республиканинг айнан мана шу тараққиёт босқичи учун магистратуранинг таклиф килинаётган варианти оптимал бўлади. Йиллар ўтиб, ислоҳотларнинг кадрларга бўлган бугунги талаблари қаноатлантирилганидан сўнг магистратуранинг бошқа вариантини қабул қилиш ҳам мумкин бўлар.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, магистр ва бакалавр дипломи соҳибларининг меҳнат мақомини ҳам тегишли қонунлар билан белгилаб олиш зарур. Негаки, бундан 20 йил муқаддам олий таълимнинг икки босқичли тизимини қабул қилганмизу, аммо бу икки тур диплом соҳибларининг эгаллаши мумкин бўлган лавозимлари ёки маошлари фарқини тасдиқламаганмиз (олий таълим бундан мустасно). Олий таълим босқичлари диплом соҳиблари меҳнат мақомини қабул қилиш ва унга риоя қилиш, магистратурага танлов даражасини жиддий кўтариб, пировардида магистр-мутахассислар сифатини оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу давр магистратура моделининг асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар талабларини қониқтирадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлашдан иборат бўлиши керак. Магистратурага олий таълимнинг атиги кейинги босқичи сифатида қаралиши самаралироқ. Бугунги кунда бакалавриатурага қамров 15-20 фоиз бўлиб турганда, магистратурага, бакалавриатурани битираётганларнинг тахминан 35-40 фоизини қабул қилиш режалаштирилиши мақсадга мувофиқ (биринчидан, бу мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий тузилмаларнинг энг минимал талаби, иккинчидан, бакалавриатурани тугаллаётганларнинг нисбатан сифатли қисмини ташкил этади).

Бакалавриатурага қабул оша бориши билан магистратурага қабул режаси камайиб, тахминан 50 фоизга 10 фоизни ташкил қилиши мумкин.

Олий таълим тизими ислоҳотлар чорраҳасида турибди. Магистратура таълим моделининг тўғри танланиши, муболағасиз, нафақат истиқболимиз пойдеворини таъминлайдиган олий таълим сифатини белгилайди, балки ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларимизнинг келажак ўн йиллардаги тақдирини ҳам ҳал этади. Ўтган 20-25 йиллик олий таълим ислоҳи тажрибаси бунинг амалий тасдиғини кўрсатди.

 

Мақола "Ўзбекистон овози" газетасининг 2019 йил 17 сентябрь сонида чоп этилган. 

Manba: Axborot xizmati

18.09.2019