Стипендия учун ўқиш эмас, билим учун ўқиш лозимлигини ёшлар тушунишлари лозим

Олий таълим тизимидаги, жумладан, талабаларнинг табақалаштирилган стипендияси атрофидаги охирги ўзгаришлар, кўпчиликнинг диққат марказига чиқиб, баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ижтимоий тармоқларда бу борада масаланинг моҳиятини тўлиқ англаб етмасдан турлича кайфиятда ёзилаётган шарҳлар ва изоҳларни кўриб, юртимиздаги етакчи таълим масканларидан бирининг ректори сифатида масалага нисбатан ўз фикрим ҳамда муносабатимни билдиришни лозим деб топдим.

Амалга оширилаётган ўзгаришлар давр ва объектив шароит талаби бўлиб, қуйидаги сабабларга кўра ушбу ўзгаришлар энг аввало, олий таълимнинг кейинги ривожи, демакки, талабалар, ёш авлоднинг манфаатларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Аввало табақалаштирилган стипендия талабаларнинг билим учун эмас, баҳо учун ўқишларига туртки бўлди ва бу ўз навбатида коррупцион ҳаракатларнинг юзага келишига замин яратди. Талабанинг индивидуал қобилиятларини ҳисобга олмасдан, унинг фақат қайдномадаги “5“лари эвазига ҳақ тўлаш амалиёти ўзини оқламади.

Иккинчидан, стипендия бериш амалиёти йиллар давомида боқимандалик кайфиятини келтириб чиқарди ва олий таълим муассасаларининг ўртасида ўзига хос соғлом рақобатга ўрин қолдирмади.

ОТМнинг талабаларга берадиган имкониятлари - улар олдидаги “мажбуриятлари“ деган стериотип пайдо бўлдики, энди ушбу ўзгаришлар, асосан, “5 баҳо“га ўқийдиган талабалар орасида резонанс келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, малакали профессор-ўқитувчиларни университет ва институтларга қайтариш, уларни рағбатлантириш борасида ҳам ОТМлараро соғлом рақобат бўлиши зарур.

Стипендия миқдорининг оптималлашуви ва стипендиясиз шартнома тўлов тизимининг жорий этилиши билан билимли ва иқтидорли талаба ҳеч нима йўқотмайди.Чунки чинакам аълочи ҳамда фаол талабаларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ОТМ олдидаги вазифадир. Хусусан, шундай талабаларга стипендиянинг 50 фоизи миқдоридаги моддий рағбат бериш тизими шаффоф, адолатли ва оқилона йўлдир. Қолаверса, таълим ислоҳотлари давомида ҳар бир ОТМда инновация фондлари жорий этилган бўлиб, бу фонд маблағлари илмий салоҳияти юқори бўлган талабаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Жумладан, ўтган ўқув йилида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ана шундай истеъдодли талабалар энг яхши ишланмалари учун 200 минг сўмдан мукофот пули олишди, электрон кутубхонани такомиллаштиришда фаол бўлган талабалар ҳам 1 миллион сўмлик моддий рағбатга эга бўлди.

Кейинчалик ОТМнинг жозибадорлигини ошириш, талабалар ўртасида ҳақиқий билимдон ёшларни саралаш ва уларни мукофотлаш учун турли грант дастурлари (scholarship), хорижий давлатларда тажрибадан ўтган таълим менежменти ютуқлари амалиётга жорий этилади.

Хулоса қилиб айтганда, стипендия учун ўқиш эмас, билим учун ўқиш лозимлигини ёшлар тушунишлари лозим. Фақат аъло ўқиган эмас, ўз иқтидорини жамоат ишларида, илмий-ижодий жабҳаларда алоҳида намоён этган талабалар ҳам моддий рағбатлантирилади энди.

Шуҳрат Сирожиддинов,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори

Manba: Axborot xizmati

12.09.2019