2020/2021 ўқув йилидан бошлаб профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади

2019 йил 6 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5812-сон фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.

Фармон билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро таснифлагичнинг тегишли даражаларига мос келувчи дастурлар асосида тегишли кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхатлари тасдиқланди.

Касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларга идоравий бўйсунувидан қатъи назар ўқув-методик раҳбарлик қилиш ҳамда бу соҳада давлат сиёсатини юритиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимида тегишли таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.

Жумладан,

- касб-ҳунар мактабларида:

мактабларнинг 9-синф битирувчиларига 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим берилади;
таълим олаётган ўқувчилар Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади.
 

- коллежларда:

камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади.

- техникумларда:

умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахсларга касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим берилади;

техникумларни тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

 

1. Бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари (Касб-ҳунар мактаблари) рўйхати
2. Ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари (коллежлар) рўйхати
3. Олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этиладиган техникумлар рўйхати

 

Manba: Axborot xizmati

07.09.2019