Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети “Youth techno art-2019” халқаро фестивалига мезбонлик қилмоқда

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида  болаларнинг техник ижодкорлиги халқаро фестиваль-танлови  “Youth techno art-2019”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.  


Иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонда илк маротаба  ташкил этилган мазкур фестиваль-танловда  Иордания қироллиги,  Арманистон,  Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан жами 30 нафар иқтидорли ўқувчилар иштирок этмоқда. Юртимиз шарафини эса 2018 йилда “Youth techno art-2018” болаларнинг техник ижодкорлиги кўрик-танловида ғолиб ва совриндор бўлган жами 22 нафар ўқувчилар ҳимоя қилишмоқда.

Фестивалнинг очилиш маросимида сўз олган Халқ таълими вазири ўринбосари Кенжаев Дилшод Муталибович танловнинг асосий мақсади ўқувчилар ўртасида фан ва техникани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига мувофиқ робототехника,  мехатроника ва инженерлик қобилиятларини рўёбга чиқариш,  бутун дунё ўқувчи  ёшлари ўртасида техник ижодкорликни ривожлантириш ҳамда давлатлар ўртасида ўзаро  дўстлик алоқаларини яхшилашдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Шундан сўнг намойиш этилган турли болалар ашула ва рақс ансамбиллари ва бадиий жамоалари иштирокидаги концерт дастури фестиваль қатнашчилари ва меҳмонларга юқори кайфият улашди.

Бундан ташқари,  шу  куни  юртимиз ўқувчи ёшларининг техник ижодкорлик кўргазмаси ташкил этилди.

Мазкур халқаро фестивалнинг олий таълим муассасасида ташкил этиши ҳам бежиз эмас. Иқтидорли ўқувчиларни эрта ёшдан аниқлаш, уларни университет ҳузуридаги кампус ва тўгаракларга жалб қилиш орқали қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш иқтидорларни олийгоҳга қамраб олиш имконини беради.

Manba: Axborot xizmati

25.07.2019