Москва энергетика институти миллий тадқиқот университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида 2019/2020 ўқув йили қабули бошланди

Республиканинг саноат ва ишлаб чиқариш соҳаси учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда республикада олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида бугунги кунда республикамизда бир нечта нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари фаолият юритиб келмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги “Тошкент шаҳрида «МЭИ» Миллий тадқиқот университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4350-сон Қарорига асосан республикамизда яна бир филиал ўз фаолиятини бошлади.

2019 йил 10 июлдан Тошкент шаҳридаги МЭИ МТУ филиалида 2019/2020 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш бошланди.

Қабул ҳужжатлари Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Ўзбек-Япон ёшлар инновация Маркази биносида қабул қилинади. Манзил: Тошкент шаҳри, Университет кўчаси, 2 уй. Тел.:  246-39-97, 246-35-66. Ҳужжатлар 25 июлгача қабул қилинади.

2019/2020 ўқув йили учун Тошкент шаҳридаги «МЭИ» Миллий тадқиқот университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалида бакалаврларни тайёрлаш қабул квотаси 150 нафар этиб белгиланди, умумий қабул квотасининг 30%ини Ўзбекистон Республикаси давлат буютмаси (бюджети) ҳисобидан ташкил этилади.

Қуйидаги бакалавр таълим йўналишлар бўйича танлов эълон қилинади:

- Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси – 50;
- Электр энергетикаси ва электр техникаси – 100.

Абитуриентларга бир нечта олий таълим муассасаларига ариза бериш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида филиал томонидан ҳужжатларни нусхаларини нотариал тасдиқланган рус тилидаги таржимаси билан қабул қилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этилган “МЭИ” МТУнинг белгиланган турдаги дипломи берилади.

Manba: Axborot xizmati

12.07.2019