Ғофуржон Муҳамедов: Профессор-ўқитувчининг бурчи - илм, вазифаси - сифатли дарс

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 24 май куни илм-фан намояндалари билан бўлган учрашувда билдирган фикрлари юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби Ғофуржон Исроилович МУҲАМЕДОВ ўз муносбатини билдирди.

Олий таълим бугунги кун талабларига жавоб бераяптими? Нима учун илм-фан ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиб бериши керак бўлган олий таълим муассасалари ўз вазифаларини етарли даражада бажара олишмаяпти? Кимлар ёки нима бунга халақит бераяпти? Соҳадаги муаммоларни ҳал қилишнинг ечими қандай? Биз олий таълим туб ислоҳотини нимадан бошлашимиз керак ва ундан кўзланган асосий мақсад нима бўлиши керак? Ўзбекистон Республикаси Президентининг илм-фан намояндалари, Олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда иқтидорли талабалар билан бўлган мулоқоти айнан ушбу принципиал масалаларни очиқ-ошкор ўртага ташлаш ва ечимларнинг умумий контурларини белгилашга бағишланди.

Бугунги кунда бир нарса ойдинлашиб қолди: нафақат “косметик”, ҳатто унча-мунча жиддий саналадиган “жорий таъмирлаш” билан ҳам олий таълим, жумладан, олий педагогик таълимни ислоҳ қилиб бўлмайди. Олий таълимнинг бош ғоясини, айтиш мумкинки, фалсафасини ўзгартириш керак. Олий таълимга ёндашувни, ундан кўзланган мақсадларни тубдан ўзгартириш, ёндашувни мақсад билан уйғунлаштириш керак. Бунинг эса, бизнингча, икки асосий устувор йўналиши бор: ички ва ташқи интеграцияга эришиш.

Ички интеграция – ҳам олий таълим муассасалариаро, ҳам соҳалар кесимида, ҳам соҳада фаолият юритувчи олим ва мутахассислар ўртасида узвий, узлуксиз, доимий алоқадорликни таъминлаш, бир жойда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар билан бошқа жойда фаолият юритаётган мутахассисларни тезкор хабардор қилиш ва эришилган илмий натижанинг кенг миқёсдаги апробациясини амалга оширишдир. Ташқи интеграция эса ўз қобиғимизда ўралашиб қолмасдан ҳар бир фан йўналиши, саноат соҳаси бўйича ривожланган мамлакатлардаги аҳволни яқиндан билиш, фикр алмашиш ва шу йўл билан қадамларимизни ривожланган дунё билан ростлашдир. Ҳар икки соҳада ҳам камчиликларимиз талай эканлиги бугунги кунда аён бўлиб қолди.

Ҳозирги дунё илм-фани ва таълимининг ривожланишини кузатадиган бўлсак, унинг тор ихтисослик томонга йўналганлигини кўришимиз мумкин, яъни ҳозирги ривожланиш ва рақобатга дош бериш учун, юзаки қараганда ҳар томонлама билимга эгадек кўринадиган, аслида эса ҳар соҳадан бир шингил биладиган чаласаводлар эмас, бир соҳани жуда чуқур биладиган, шу соҳага жавоб бера оладиган, соҳадаги муаммолар билан беш бармоқдай таниш тор соҳа мутахассиси керак.

Кейинги долзарб ва оғриқли масала – эришилган илмий, амалий ва инновацион натижаларни талабалар аудиториясига олиб кириш, илм-фан ва таълим ўртасидаги алоқа тезкорлиги ва мунтазамлигини оширишдир. Яширишдан фойда йўқ: бугунги кунда илм-фан ва таълим ўртасидаги узилиш жуда катта. Бунинг ечими эса тизимли ислоҳотлар ўтказиш: республикадаги илм-фан учун масъул бўлган тузилмаларни таълим, хусусан, олий таълим билан бирлаштиришнинг таъсирли механизмларини топиш керак. Гап уларни оптималлаштириш ҳақида ҳам бориши мумкин. Таълимнинг ҳозирги кунда учга: мактабгача, ўрта мактаб ва олий таълимга бўлиниб қолганлиги, улар ўртасида мувофиқликни таъминлаш ҳар доим ҳам кўнгилдагидек кечмаётганлигини ҳам тан олишимиз керак. Фан ва таълим жараёнининг тўрт асосий иштирокчиси: Фанлар академияси, Мактабгача таълим, Халқ таълими ва Олий таълим вазирликлари ўртасидаги узлуксиз алоқадорликни таъминлашнинг йўлини топиш керак.

Олий таълим, профессор-ўқитувчи ва илм-фан олдидаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш керак. Профессор-ўқитувчи олдига фақат икки талабни: илм ва сифатли дарс ўтиш талабини қўйиш керак, вассалом.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзларининг қатор чиқишлари, нутқ ва маърузаларида ҳам, кечаги учрашувда ҳам ҳозирги кунда биз учун оддий ривожланиш ғояларининг етарли эмаслигини, айнан инновацион, “ёриб ўта оладиган” ғояларгина аҳволни ўнглаши мумкинлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар. Бошқача айтганда, шунчаки енгил усуллар билан аҳволни ўнглаш мушкул, ҳатто имконсиз, бизга ҳозир илмий, таълимий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётга таъсир қиладиган даражадаги туб ўзгаришлар зарур. Бир сўз билан айтганда, бизга ҳозирги кунда илм-фан ва таълимни яхлит қамраб оладиган бирлаштирувчи бир ғоя керак, фан ва таълим иштирокчи субъектлари ўртасидаги мунтазам ва узвий алоқадорликни, сўнгги маҳсулот – илмий, инновацион натижалар ва илмий-педагогик кадрларнинг нафақат ички бозорда, жаҳон миқёсида ҳам бозоргирлигини, тижорийлашувини таъминлай оладиган тизим зарур. Мен Президент билан учрашувдан ушбу муҳим хулосаларни олдим. Энг аҳамиятли томони очиқ-ошкора ва самимий руҳда ўтган мазкур мулоқотда илм-фан, таълим-тарбия ҳамда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича умумий гаплар эмас, балки аниқ, мақсадли, фойдали ва манфаатли ечимлар таклиф этилди, 2020-2030 йилларга мўлжалланган Концепцияни ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида аниқ тавсиялар берилди.

Учрашув мен учун истиқболда педагогик таълимни янада ривожлантириш бўйича янги ғоя, ташаббус ва инновацияларни ривожлантиришда янги фикрлар берди. Бунинг учун эса биринчи навбатда барчамизнинг ­ зиёлилар, таълим соҳаси ходимларининг дунёқараши ва тафаккури ўзгариши кераклиги зарурий шартлардан биридир.

Manba: Axborot xizmati

29.05.2019