ТДИУда хорижий тилларни интенсив ўқитиш маркази фойдаланишга топширилди

Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Хорижий тилларни интенсив ўқитиш марказининг очилиш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбир очилишида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов, “Эл-юрт умиди” жамғармаси раиси Адҳам Бекмуродов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Баҳодир Ходиев сўзга чиқиб, мазкур Хорижий тилларни интенсив ўқитиш маркази дунёнинг етакчи олий ва илмий таълим муассасаларида малака ошириш, магистратура ва докторантура дастурларида таҳсил олишлари учун кенг имконият яратишини қайд этиб ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг дастурлари бўйича кадрларни ўқитишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкор ташкилотлар кўмагида 2019 йилнинг 1 апрелига қадар ҳудудларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияларини олишга номзодларни хорижий тилларга интенсив ўқитиш курсларини ташкил этиши белгиланган эди.

Қарор ижроси доирасида 2019 йилнинг 5 март санасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг қўшма қарори қабул қилинди. Унга кўра, Республикамизнинг 22 та таянч университетларидаги Касбий ривожланиш марказларида тил ўқитиш хаблари ташкил қилинди.

Шунингдек қарорда, жараёнга мутахассисларни жалб қилиш, тингловчилар контингентидан келиб чиққан ҳолда, ўқув курсларини ташкил этиш учун ажратилган аудиторияларнинг моддий-техник базасини шакллантириш каби барча ташкилий жараёнлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва олий таълим муассасалари томонидан тўлиқ молиялаштирилиши белгиланди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2019 йилнинг 1 майидан бошлаб расман тингловчилар қабулини бошловчи марказ 500 м2 майдонда жойлашган. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 100 нафар тингловчи тил билиш даражаларини яхшилаш имконига эга бўлишади. Аввалига марказда дарслар инглиз, немис ва француз тиллари бўйича, кейинчалик эса яна қўшимча тиллар ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда. Айни кунларда таълимга жалб қилинган мутахасссис-тренерлар сони 5 нафар.

Курслар дастури Ўзбекистондаги Британия Кенгаши мутахассислари, Тошкент халқаро Вестминстер университети мутахассислари хамда чет тилларни ўқитиш бўйича Буюк Британиялик мутахассис Род Болайто билан биргаликда яратилган. Умумевропа тил компетенциялари талаблари ва Республикадаги ОТМлардан 300 га яқин профессор-ўқитувчилар билан ўтказилган сўровнома ва интервьюларда берилган таклифларни инобатга олган ҳолда ҳамда замонавий ўқув адабиётлар, онлайн ўқиш имкониятларини кенг қўллаган ҳолда тузилган курс 4 ойга мўлжалланган аралаш (Blended-Distant), яъни аудитория ва онлайн модулларидан иборат.

Курснинг онлайн модулини ташкил этиш мақсадида олий таълим тизимидаги профессор-ўқитувчилар учун Олий ва ўртма махсус таълим вазирлиги қошидаги Электрон таълимни татбиқ этиш маркази сайтида махсус еnglish.edu.uz платформаси яратилди ва интерактив топшириқлар билан бойитилмоқда. Бундан ташқари, ўқув курсларида British Council (Британия Кенгаши), Alliance Francaise (Француз Альянси), Geothe Instit (Гёте институти) каби халқаро ташкилотларнинг малакали тренерлари ҳам иштирок этиши режалаштириляпти.

Маълум қилинишича, ҳудди шу турдаги марказлар яқин кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳам иш бошлайди.

Manba: Axborot xizmati

30.04.2019