Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан янги ташаббус: “Ўзбекистон – сеҳрли диёр!”

Талабалар дунёқарашини янада кенгайтириш ва юртимиз тарихига доир билимларини ошириш, қолаверса, уларни ички туризмга кенг жалб қилиш мақсадида мамлакатимиз олий таълим муассасаларидан саралаб олинган 57 нафар иқтидорли ва истеъдодли, ташаббускор ва фаол талабалар учун илк маротаба жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб “Ўзбекистон – сеҳрли диёр!” шиори остида янги шаклдаги ички туризм лойиҳаси ташкил этилди.

Лойиҳа доирасида мазкур талабаларга хорижий тиллар, нутқ маданияти, вокал ва хореография йўналишларида маҳорат дарcлари ташкил этилмоқда. Хусусан, талабаларнинг нотиқлик маҳоратини ўзлаштириш қаратилган “Нутқ маданияти” дарси, талабалар овозининг жозибадорлиги ва нафас таянчини ўзлаштиришларига қаратилган “Вокал курси” ҳамда уларнинг қадди-қоматларини тик, равон тутишлари учун “Хореографик” (пластика) дарс машғулотлари олиб борилди ва мазкур курсларда талабаларга ўзбек, мумтоз ва халқ саҳна рақсларидан сабоқ берилди.

Талабалар дунёқарашини янада кенгайтириш ва юртимиз тарихига доир билимларини ошириш, қолаверса, уларни ички туризмга кенг жалб қилиш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида  “Ўзбекистон – сеҳрли диёр!” шиори остида Ўзбекистон бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

Фаол ва ташаббускор талабалар гуруҳ мураббийлари билан биргаликда жорий йилнинг 4 апрелидан бошлаб Самарқанд (4-6 апрель), Бухоро (7-9 апрель), Хоразм (10-12 апрель) ва Фарғона (15-16 апрель) вилоятлари бўйлаб саёҳатни бошлаб юбордилар.

Саёҳат давомида талабалар тарихий шаҳарларимиздаги қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва бошқа сайёҳлик масканларига ташриф буюрадилар.

Мазкур саёҳатнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унинг якунида қадимий обида ва тарихий ёдгорликлар тақдимоти танлови ўтказилади. Унга кўра ҳар бир талаба биттадан қадимий обида ёки тарихий ёдгорлик мажмуаси юзасидан ўзининг тақдимотини тайёрлаб, комиссия аъзоларига тақдим этиши лозим.

Лойиҳа якунида фаол талабалар сертификат билан тақдирланади.

Manba: Axborot xizmati

04.04.2019