Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ёшлар ўртасида “Ломоносов” Фестивали ўтказилди

Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ёшлар ўртасида математика, информатика ва компьютер технологиялари йўналишларида “Ломоносов” Фестивали ўтказилди.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари бошчилигида 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойларда аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, компьютер технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, хотин-қизларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича 5 та ташаббусни республиканинг барча ҳудудларида жорий этишга доир аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Айни шу ташаббусларни амалга ошириш мақсадида жойларда, жумладан олий таълим муассасаларида, турли амалий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Жорий йилнинг 31 мартдан 2 апрелгача М.В. Ломоносов номидаги МДУнинг Тошкент шаҳридаги филиалида республика ёшлари ўртасида математика, информатика ва компьютер технологиялари йўналишлари бўйича “Ломоносов” Фестивали ўтказилди.

Тадбирга республиканинг умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларидан 300 дан ортиқ иқтидорли ўқувчилари қамраб олинди. Булар Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Жиззах, Андижон, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри ёшлари.

Тадбир давомида иштирокчилар Филиалдаги факультетлар, уларда олиб борилаётган ўқув ва маънавий-маърифий фаолият, шунингдек, Москва давлат университетидан жалб қилинган профессор-ўқитувчилар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

 

Manba: Axborot xizmati

03.04.2019