Амити университети делегацияси қабул қилинди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Амити университети вакилларидан иборат делегация билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбjй Бегимқулов ҳиндистонлик ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган Амити университетининг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларда музокаралар ўтказди.

Муҳокамаларда янги ташкил этилган университетда янги ўқув йўлига қабул жараёнларини ўтказиш, ўқув-методик таъминоти ва бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 январдаги ПҚ-4097-сон қарори билан Тошкент шаҳрида Амити университети ташкил этилди.

Университетда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, биринчи навбатда, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

Университетда ўқишни тамомлаган битирувчиларга Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Амити университетининг (Ҳиндистон Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади.

Manba: Axborot xizmati

25.03.2019