Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир учрашувлар бўлиб ўтди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида 2019 йил 24 январь куни бўлиб ўтган қатор учрашувларда турли давлатлар делегациялари билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Acumen Education (Буюк Британия) компанияси ижрочи директори Марк Лабович раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувларда Британия билан олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, етакчилик қобилиятларига эга бўлган, замонавий билимлар билан қуролланган етук мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

 

Шунингдек Лаъл Баходурхон Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори профессор Чандер Шекхар билан бўлиб ўтган учрашувда давлатлар ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди. Учрашув давомида профессор Чандер Шекхар Ҳиндистон олий таълим муассасаларига ўзбекистонлик ёшларни қабул қилиш жараёни бошланганини маълум қилди.

Корея Республикасининг Шинхан университети ҳамширалар коллежи декани Янг Синги, биоэкологик саломатлик коллежи декани Ким Янгсунг билан бўлган учрашувда тиббий таълим, яъни ҳамширалар тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш борасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Manba: Axborot xizmati

24.01.2019