Рақамли давлатга айланишни истасак, ўқувчиларга дарс пайтида телефондан фойдаланишга рухсат бериш керак

Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаатида иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш, шу асосда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ҳаётга татбиқ этиш масаласи қўйилди. Мурожаатномани тинглар эканмиз, мазкур дастур бир қарашда иқтисодиёт соҳасига тааллуқли эканлиги кундай равшан бўлиб турса ҳам, таълим соҳасида фаолият юритаётган биз – ўқитувчилар зиммасига ҳам улкан вазифалар юкланаётганлигини ҳис қилмоқдамиз.

Чунки мамлакатнинг иқтисодий ҳаёти, барча соҳаларга рақамли технологияларни татбиқ қилиш бўйича ислоҳотлар ва илғор технологиялар, табиийки, таълим соҳасини четлаб ўтиши мумкин эмас. Аксинча рақамли иқтисодиёт асосини кадрлар ва таълим ташкил қилади. Шундай экан, рақамли Ўзбекистон келажаги ҳозирда мактаб партасида ўтирган болаларимиз, ёшларимиз қўлидадир. Албатта, улар рақамли иқтисодиётни бошқара оладиган, тараққий эттирадиган даражада сифатли ва замонавий билимга эга бўлса, келажагимиз буюк бўлади, рақамли Ўзбекистон хавфсизлиги таъминланади. Назаримда, бунда нафақат аниқ ва табиий фанлар, балки барча фанлар ҳамда улар учун “остона” саналадиган она тили таълимига ҳам эътибор кучайтириш тақозо қилинади. Ваҳоланки, информатика тилидан ташқари, ҳам хорижий тиллардан, ҳам она тилидан саводхон дастурчилар тайёрлаш масаласи долзарблигича қолмоқда. Шунингдек, давлат бошқарувига, давлат ва жамиятнинг барча соҳаларига саводли, лаёқатли кадрлар тайёрлашдек залворли вазифа тўла адо этилмаётганлиги сир эмас.

Президентимиз олға сурган Рақамли иқтисодиёт миллий концепцияси ўзбек халқи учун, кўп миллатли Ўзбекистон учун. Демак, унинг бунёд қилиниши, амалга оширилишида барча манфаатдор бўлгани каби барчанинг ҳиссаси қўшилиши керак.

Рақамли иқтисодиёт дастурини ишлаб чиқишда рақамли таълимни амалга оширишга урғу бериш мазкур дастур амалга оширилаётган кўпгина ривожланган давлатлар тажрибасида кузатилмоқда. Хусусан, Россия Федерациясида ҳам шу жиҳат алоҳида эътибордадир. Айниқса умумтаълим мактабларида таълимни рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш келажакда ўз самарасини беришини, албатта, ҳисобга олиш тақозо қилинади. Мутахассислар таъкидлаётганидек, нафақат информатика, балки умумтаълим мактаблари ўқув режасидаги барча фанларни ўқитишда рақамли технологияларни татбиқ қилишни жадаллаштириш узоқни кўзлаб амалга оширилаётган режаларнинг рўёбга чиқиш суръатини оширади. Бироқ маърифатнинг, тараққиётнинг мухолифлари бўлгани, ҳар қандай янгиликни жорий қилишда қаршиликлар, зиддиятларга дуч келингани каби рақамли технологияларни таълимга олиб киришда ҳам бир-бирини истисно қилаётган ҳолатлар кўзга ташланади. Жумладан, рақамли таълимни жорий қилишда бу яққол намоён бўлмоқда:

1. Рақамли технологияларни таълимнинг қуйи бўғинларидан бошлаб татбиқ қилишга таълим муассасалари, хусусан, мактабларнинг моддий таъминоти жавоб бера
олмаслиги.

2. Фан ўқитувчиларининг рақамли технологияларни таълим жараёнига олиб киришдан кўра анъанавийликни қулай ва осон деб ҳисоблаши.

3. Умумтаълим фанларидан электрон адабиётларнинг етарли эмаслиги.

4. Компьютер ва турли гажетларнинг инсон саломатлиги, руҳиятига салбий таъсири, ўқувчиларнинг медиамаданияти, “телеавлод” тушунчаси кабилар.

Бизнингча, мультимедиа воситалари билан мактабларни тўлиқ жиҳозлашни қўл қовуштириб кутиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Аслида бу ишни тўла якунлаш имконсиз ҳам. Қолаверса, компьютер технологиялари ва рақамли технологиялар кун сайин янгиланмоқда, такомиллашмоқда. Шунинг учун аксарият мамлакатларда қўлланилаётганлиги каби ўқувчиларнинг гажетларидан фойдаланиш тажрибасини қўллаш мумкин. Афсуски, ўқувчиларнинг қўл телефонларидан фойдаланиш таълим муассасаси ҳудудида, айниқса, дарс жараёнида тақиқланиши бўйича тегишли вазирликларнинг буйруқлари бунга монелик қилади. Назаримизда, буни тақиқлаш бир томонлама қарордир. Аксинча ўқувчиларнинг мобиль телефонлари ва турли гажетлардан мақсадли фойдаланишига эришиш бўйича ишларни жонлантириш зарур.

Бир пайтлар хорижий тилларни магнитофон ва кассеталар воситасида аудиоматериалларни тинглаш орқали ўрганиш урф бўлиб, компьютер технологиялари имкониятларининг кенгайиши сабабли уларнинг сиқиб чиқарилганлигини ҳисобга олсак, смартфонлар ва планшетларнинг шахсий компьютерлар ўрнини эгаллаб олаётганлигини назарда тутсак, таълим контентларини мобиль иловалар тарзида тайёрлаш масаласи кун тартибига чиқаётганлигини сезиш қийин эмас. Бинобарин, аксарият ҳолларда анъанавий методиканинг ўзи ноўрин фойдаланилганлиги, бу ҳолат эса деярли “занглаган” ўқитиш методикасини пайдо қилганлигини ҳам тан олиш керак. Аввало, “занглаган” методикани “ярқиратиш, жилолантириш”, унинг афзалликларини қайта намоён қилиш, иккинчидан, педагогик ва рақамли технологияларга мурожаат қилиш, сўнгра анъанавий таълимнинг афзалликлари ва электрон таълимни биргаликда фойдаланиш ҳамда аралаш таълимни (смешанное обучение, Blended learning) жорий қилишни жадаллаштириш зарурлигини ҳар бир ўқитувчи, ҳар бир раҳбар чуқур англаши зарур.

Китоб дўконларида рус синфлари учун чоп қилинган қўшимча адабиётларнинг хилма-хиллиги, инглиз тилини ўрганишга қулай қўлланмаларнинг кўплиги диққатимизни тортади. Ўзбек тилини она тили ёки давлат тили сифатида ўқитишга қулай босма адабиётларни замонавий технологиялар асосида яратишда орқада қолаётганлигимизни ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам яққол кўриб туришибди. Интернетда рус тилини ўрганиш учун яратилган электрон луғатлар, видеодарслар, электрон дафтарлар; “Репетитор по русскому языку”, “Диктанты. Русский язык”, “Ударение”, “Части речи”, “Аудиокурс. Русский язык”, “Правила по русскому языку”, “Пунктуация” каби мобиль иловаларни кўриб ҳавасимиз келади. Хорижда уларни нафақат компьютер дастурчилари, балки фан ўқитувчилари, талабалар, ҳатто ўқувчилар яратишмоқда. Бундай мобиль иловалар, электрон адабиётлар яратишда нега биз имиллаяпмиз, деган ўй тинчлик бермайди. Ахир, ўзбек ёки қорақалпоқ тилидаги контентни ўзимиздан бошқа ҳеч ким яратиб бермайди.

Хуллас, рақамли Ўзбекистонни бунёд қилиш учун ҳар бир фан ўқитувчиси ўзининг бу ишга дахлдор эканлигини англаб етиши тақозо қилинмоқда. Ўзимиз ҳам, шогирдларимиз ҳам, ўқувчиларимиз ҳам рақамли технологиялар инқилоби даврида уйғонишимиз керак.

Узлуксиз таълим тизими таълимнинг сифат даражасини юқори кўтаришдек машаққатли даврни бошидан кечирмоқда. Буни амалга оширишда анъанавий таълим ва рақамли технологияларни аралаш қўллаш ўз ҳаётини буйруқ ва кўрсатмалар асосида эмас, балки ўз тафаккури ва юрак амрига кўра қура оладиган ёшларга таълим-тарбия бериш воситасига айланиши муқаррар. Демак, рақамли таълим технологиялари билан рақамли иқтисодиёт пойдеворини бунёд қилишга биз – педагоглар масъулмиз.

Шахло Юлдашева

Manba: Axborot xizmati

06.01.2019