Ўзбекистонда Scopus бўйича энг яхши олимлар тақдирланди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Нидерландиянинг илм-фанга ихтисослашган Elsevier нашриёт компанияси билан биргаликда дунёнинг йирик илмий-таҳлилий маълумотлар базаси бўлган Scopus статискаси бўйича самарали фаолият юритаётган ўзбекистонлик етакчи олимларнинг номларини эълон қилди.

Тақдирлаш маросими шу йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ташкил этилиб, унда вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, QS, Times Higher Education каби дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари вакиллари, Elsevier компанияси мутахассислари, хорижлик экспертлар ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари ва докторантлар иштирок этди.

«Scopus Award-2018» тақдирлаш маросимида йил давомида илмий-тадқиқот фаолият билан шуғулланган ўзбекистонлик олимлар ўртасида тўққизта номинация бўйича ғолиблар аниқланди.

Ҳар бир изланувчининг илм-фан равнақига қўшган ҳиссаси тақриз қилинаётган илмий адабиётлар аннотацияси ва иқтибосларининг энг йирик ягона базаси бўлган Scopus маълумотлари асосида амалга оширилиб, «Илм-фан-2020» миллий дастури доирасида 2018 йилда унга Ўзбекистоннинг юздан ортиқ илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муасcасалари уланиш имконини қўлга киритишди.

Тақдимотда ўзбекистонлик олимлар томонидан амалга оширилаётган тадқиқотларнинг сифати ҳамда жаҳондаги иқтибослари жиҳатидан нуфузли ўнталикка кирган журналларда чоп этилган мақолалари сони анча ошганлиги эътироф этилди.

“SCOPUS AWARD-2018” тақдирланганлар:

1. “Researcher of the Year” («Йил олими») номинацияси – Дилшод Тўлаганов (Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети), Темурбек Усмонов, Бобомурод
Аҳмедов (Ўзбекистон Фанлар академияси);

2. “High Performance award” (Энг сермаҳсул ОТМ) номинацияси – Ўзбекистон Миллий университети;

3. “Outstanding Research Impact Award” (Тадқиқотларда эришган улкан натижаси учун) номинацияси – Ўзбекистон Фанлар академияси;

4. “Growth of the Year” (Йилнинг энг муваффаққиятга эришган ОТМ) номинацияси – Тошкент педиатрия тиббиёт институти;

5. “Breakthrough of the Year” (Йил кашфиёти) номинацияси – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти;

6. “Library of the Year” (Йил кутубхонаси) номинацияси – Самарқанд давлат университети;

7. “Contribution to Science” (Илм ривожига қўшган ҳиссаси учун) номинацияси – Тошкент давлат иқтисодиёт университети;

8. “Энг ёш олим” номинацияси – Мираббос Хўжамбердиев;

9. “Women in Science” (Йил олимаси) номинацияси – Шахло Турдиқулова.

Тақдирлаш маросимида олтита фан категорияларида ҳам энг яхши муаллифлар аниқланди: Иброҳим Абдураҳмнов (қишлоқ хўжалиги), Олим Рўзимуродов (инжиниринг ва технология), Рауфхон Салаходжаев (гуманитар фанлар), Улуғбек Абдуфаттоев (тиббиёт), Баҳром Умиров (табиий фанлар), Хегай Татьяна (ижтимоий фанлари).

Тадбир доирасида Биринчи илмий форум ҳам ўтказилиб, унда мақола ёзиш, илмий журналларни индексациялаш ва халқаро рейтингларга кириш методологиясини ўргатиш бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

Scopus Award мукофоти – жаҳонинг нуфузли илмий мукофоти ҳисобланиб, Elsevier компаниясининг дунё миқёсидаги ташаббуси саналади. Мукофот олимларнинг сермаҳсул фаолиятини рағбатлантириш, зиёлийлар мавқени кўтариш ҳамда ёшлар ўртасида илмий фаолият билан профессионал шуғулланишни оммалаштиришга йўналтирилган.

p>

Маълумот учун, шу йилнинг 23 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Elsevier компанияси ўртасида республика олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, уларни дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилишини таъминлашга қаратилган «Илм-фан 2020» ҳамкорлик дастури имзоланган.

Manba: Axborot xizmati

23.11.2018